Лохозаврлар ҳақида кўп гапирамиз. Кўпчилик ўйлайдики фирибгарларнинг тузоғига фақат ўқимаган оми одамлар тушади деб. Йўқ, ўқиган, сиз уни ақлли одам деб биладиган одамлар ҳам фирибгарларга алданиб қолишлари мумкин. Бунинг асосий сабаби шундаки, интеллектуаллик яъни ақллилик универсал бўлмайди. Масалан мактабда бирга ўқиган синфдошингиз ҳозир энг катта монопол олигархлардан бирига айланиб, соққани қилиб юрган бўлиши мумкин. Фақат 5 баҳога ўқиган сиз эса мактабда оддий ўқитувчи бўлишингиз мумкин. Бу аслида жуда оддий феномен, инсонларда интеллект турлари жуда кўп бўлади.Оддий қилиб айтадиган бўлсак, интеллект - бу когнитив фазилатлар (хотира, эътибор, фикрлаш, тасаввур, онг, идрок) ёрдамида вазифаларни ҳал қилиш ва мақсадларга эришиш қобилиятидир. Қайси когнитив сифатни кўпроқ ривожлантирганингизга қараб, сизнинг шахсингизда ақлнинг маълум бир тури устунлик қилади.
Психологияда интеллект еттита турга бўлинади:
Нутқий интеллект
Ушбу турдаги ақл-заковат эгалари ўз фикрларини ёзма ва оғзаки равишда моҳирона ифода этадилар, кўплаб асарларни ўқишни яхши кўрадилар, ўқиган асарларини яхши биладилар, чет тилларини эса осонгина ўрганадилар. Сўз уларнинг муваффақиятга эришишда асосий воситасидир. Ораторликни пухта эгаллаган бу одамлар ўқитиш, журналистика, сиёсат, реклама, ҳуқуқ каби соҳаларда юқори мавқега эга бўла оладилар.
Мантиқий ва математик интеллект
Бундай одамлар рақамлар ва математик операциялар да ўзини денгиздаги балиқ каби ҳис қиладилар. Мавҳум тушунчалар ва тоифалар билан ишлашлари осон. Дастурлаш, молия, муҳандислик уларнинг кучли томонларидир.
Тананинг кинетик интеллекти
Спорт, рақс каби соҳалардаги профессионаллар кинетик ақл-идрок билан ажралиб туради. Улар ўз таналари ва ҳаракатларини яхши биладилар, улар ўз таналари ёрдамида сўздан ҳам кўпроқ нарсани айта оладилар.
Визуал интеллект
Кўз билан хонанинг майдонини ҳисоблаб чиқиш, харитадаги жойлашишни ва тўғри йўналишни аниқлай олиш, уч ўлчовли расмларни яратиш каби ишлар визуал интеллекти ривожланган инсонлар учун чўт эмас. Қурувчи, меъмор, интерьер дизайнери, ҳайкалтарош ва рассомлар ушбу интеллектсиз бирор бир ютуққа эриша олмайдилар.
Ижтимоий интеллект
Бу интеллект одамлар билан муваффақиятли мулоқотни назарда тутади: бундай интеллекти ривожланган киши суҳбатдош билан дарҳол алоқа ўрната олади, унинг ҳис-туйғуларини тўғри тушунади, янги танишлар орттиради, алоқалар ўрнатади. Бир сўз билан айтганда, улар мулоқот қилишни яхши кўради. Пиарчилар, сиёсатчилар, имомлар, юристлар, психологлар, шифокорлар, социологлар - барчасини санаб тугатиш қийин. Энг қизиғи аксарият фирибгарлар ҳам ушбу категорияга киради. Фирибгарларнинг ижтимоий интеллекти юқори бўлади.
Шахс интеллекти
Атрофингиздаги одамларни тушуниш жуда муҳим, аммо ички диалогни ўрната олиш биринчи навбатдаги эҳтиёждир. Ҳис-туйғуларни ифода этишни назорат қила олиш ҳар қандай касбда муҳимдир. Айнан мана шу шахс сифатидаги интеллект фирибгарларга алданиб қолмаслигингизга ёрдам беради. Демак, сизнинг ўта кўп китоб ўқиган, нутқий ёки математик интеллекти юқори бўлган танишингиз, шахс сифатидаги онг ости интеллектига эга бўлмаганлиги сабабли фирибгарларга осон алданиб қолиши мумкин. Сиз эса ўқимишли одам лох бўладими деб ҳайрон қоласиз...
Ижодий интеллект
Бу ўз номи билан ижодкорлик учун муҳим аҳамиятга эга бўлган нарса, шунингдек, янги ғояларни яратиш ёки мавжудларини яхшилаш қобилияти ақлнинг ушбу еттинчи тури эгаларини бошқалардан ажратиб туради. Визуал интеллектга эга бўлсангиз-да, ижодий интеллектингиз бўлмаса сиз яхши нарса ярата олмайсиз. Зўр мусиқа ижрочиси бўлиш мумкин аммо бастакор эмас.
Агар инсон юқорида санаб ўтилган бир нечта ақл-идрок турларини бирлаштира олса, унга қўйилган вазифаларни бажариш ва келажакдаги касбида муваффақият қозониш осонроқ бўлади. Касб танлашда ушбу фикрни ҳисобга олиш муҳимдир.
Ҳозир қандай ақл-идрок турлари сизда борлигини аниқланг. Кейин ушбу интеллектингиз ёрдамида қайси касбда «профессион де фуа» бўлиб етишишингиз мумкинлигини билиб олиб шу йўналишдаги ўқишга топширинг, касбни танланг.
Агар бирон бир касбда сизга интеллект турларидан бири етишмаса, иккита йўл мавжуд: етишмаётган фазилатларни ривожлантириш ёки бошқа касбни танлаш.
Alimoff телеграм каналига уланишни унутманг https://t.me/nurbekalimov
Фойдаланилган манбалар: