{"id":2175,"url":"\/distributions\/2175\/click?bit=1&hash=803b6e1bcbd9dfc4ba9456fda887a878c80d24df8d3a575913b14876e18923a5","title":"TJ \u0437\u0430\u043a\u0440\u043e\u0435\u0442\u0441\u044f 10 \u0441\u0435\u043d\u0442\u044f\u0431\u0440\u044f \u2014\u00a0\u043f\u0440\u043e\u0447\u0438\u0442\u0430\u0439\u0442\u0435 \u0430\u043d\u043e\u043d\u0441 \u0441 \u0434\u0435\u0442\u0430\u043b\u044f\u043c\u0438","buttonText":"\u0427\u0438\u0442\u0430\u0442\u044c","imageUuid":"d1d355d8-93a3-5140-aeae-14b03046b760","isPaidAndBannersEnabled":false}
Alimoff

Нега баъзи инсонлар қийин ва зерикарли ишларни ҳам бемалол қила оладилар?

Бундан кўра Дота ўйнасам бўмасмиди...​ FCDL

Эҳтимол, сиз, аскари инсонлар каби, ҳеч қачон телефонингизда ўйинлар ўйнашдан ёки ижтимоий тармоқларни кузатишдан ҳеч зерикмайсиз ва чарчамайсиз. Мен бунга аминманки, сиз икки соат ёки ундан ҳам кўпроқ вақт давомида экран тепасида фойдасиз машғулотларга берилиб диққатингизни бузмай ўтира оласиз. Бу ишлар барчамизнинг қўлимиздан келади. Аммо, ярим соат дарс қилишга нима дейсиз? Ууууффффф…. Бу жуда қийин туйилади. Ярим соат вақтни шахсий бизнес ғоянгизга сарфлашга нима дейсиз? Намунча зерикарли бўлмаса... Сиз ўқиш, бадантарбия, бизнес ғояни қуриш, ёки шунга ўхшаш самаралироқ ишлар узоқ келажакда сизга кўпроқ фойда келтиришини мантиқан тушунсангиз ҳам, кўнгил эса барибир телевизор кўришни, видео ўйинлар ўйнашни ва ижтимоий тармоқларда вақт кетказишни афзал кўради.

Сиз “бунинг сабаби кундек равшан-ку“, дейишингиз мумкин. Ўйин-кулги сиздан катта уриниш талаб этмайди. Жиддий ишларни бажариш учун эса бутун вужудингизни бағишлашингиз керак. Аммо баъзилар доимий равишда, шахсий лойиҳалари билан шуғулланадилар, бадантарбия қиладилар ва ишлайдилар. Улар учун бундай машғулотлар муаммо эмас. Бу ўринда савол туғилади: “Нега баъзи инсонлар бундай қийин ва зерикарли ишларни ҳам бемалол қила оладилар? Қийин ишларни осонлаштиришнинг йўллари борми?” Ушбу саволларга жавоб бериш учун эътиборингизни миянгиздаги бир нейротрансмиттерга қаратамиз. Унинг исми- дофамин.

Дофамин

Дофамин кўпинча завқланиш моддаси деб қаралади. Аммо бу ундай эмас. Дофамин — бу бизни яшашга ундайдиган нарса. Бу интилишнинг мавжудлиги, бизга эрталаб туриб кундалик машғулотларимизни бажаришга туртки беради. Агар сиз ушбу модданинг қанчалик кучлилигини тасаввур қилишга қийналсангиз, келинг, олимлар каламушларда қилган бир нечта тажрибалари билан танишамиз.

Тадқиқотчилар каламушларнинг мияларига электродларни жойлаштирадилар. Каламуш ҳар сафар педални босганида, унинг миясидаги мукофот тизимини қўзғатдилар. Натижада, каламушларда педални босишга шунчалик кучли хоҳиш пайдо бўлдики, улар бу ишни бир неча соат тўхтамай қила бошладилар. Каламушлар овқатланишни ва ҳаттоки, ухлашни рад этишди. Улар тинкалари қуриб батамом заифлашмагунча педални босишда давом этардилар.

Аммо бундан кейинги тажрибада бу жараённинг тескариси қилинди. Тадқиқотчилар махсус мослама билан миянинг мукофот марказида ҳосил бўладиган дофамин моддасини тўсишди. Натижада каламушлар шунчалик ланж ҳолатга тушиб қолдиларки, уларда ҳаттоки туриб сув ичиш учун ҳам шижоат йўқ эди. Улар таом тановул қилишмасди. Кўпайишни ҳам исташмасди. Уларда ҳеч нимага ғайрат қолмаганди. Бу каламушлар ҳаётга бўлган ҳамма қизиқишни йўқотиб қўйишганди.

Агар таом уларнинг оғзиларига тўғридан тўғри қўйилса, каламушлар ундан лаззатландилар. Улар шунчаки ўзлари таом учун ўрниларидан туриб ҳаракат қилгилари келмас эди. Эҳтимол, сиз очлик ёки чанқоқ бизни таом ёки сув учун ундайди деб ўйларсиз. Аммо бу ерда дофамин ҳам асосий ролни ўйнайди.

Каламушларда қилинган бундай тажриба – ҳар куни кузатилмайдиган, ғайриоддий фаолиятдир. Аммо ушбу тажрибалар ёрдамида, дофаминнинг одамларга ва бизнинг кундалик ҳаётимизга қилаётган таъсирини яққол кўришимиз мумкин.

Бизнинг миямиз муайян машғулотларнинг тартибини улардан оладиган дофамин миқдорига қараб, устувор деб белгилайди. Агар маълум машғулот миямизда жуда кам дофамин моддасининг чиқишига сабаб бўлса, уни бажариш жуда ҳам қийин бўлади. Агар машғулот миямизда жуда кўп миқдорда дофамин моддасининг чиқишига сабаб бўлса, бизда бундай машғулотни такрор ва такрор қилишга катта рағбат ҳосил бўлади.

Айнан қайси хатти ҳаракатларимиз миямизда кўпроқ дофамин ишлаб чиқара олади?

Бу саволнинг жавоби шуки, мукофот олишга эҳтимоли баланд бўлган ҳар қандай фаолият бу моддани ажратиб чиқаради. Аммо, агар миянгиз маълум хатти ҳаракат билан боғлиқ мукофот йўқлигини билса, у бу моддани чиқармайди. Масалан, носоғлом таом истеъмол қилишингиздан олдин миянгиз дофамин моддасини ишлаб чиқаради, чунки ушбу таомдан кейин кайфиятингиз кўтарилиши кутилмоқда. Аммо бундай таомлардан кейин аслида ўзингизни ёмон ҳис қиласиз. Лекин сизда бундай таомлардан олдин лаззат ҳисси ҳеч қачон йўқолмайди, чунки миянгиз юқори миқдордаги дофаминнинг фаоллиги сизга зиён келтираётганига унчалик аҳамият бермайди. Унга шунчаки кўпроқ дофамин керак.

Бу нозик масалани яхшироқ тушуниш учун бир қўпол стереотипли мисол келтирамиз. Гиёҳванд кимса истеъмол қилаётган заҳари ўзи учун яхши эмаслигини тушунади. Аммо у кўпроқ дори истеъмол қилишни хоҳлайди. Кокаин ва героин моддаси инсон миясида ғайритабиий даражада кўп бўлган дофамин моддасини келтириб чиқаради. Бу эса, инсон организми у заҳарларни янада кўпроқ исташига олиб келади.

Албатта, шуни таъкидлаш керакки деярли ҳамма қилган ҳаракатларимиз маълум миқдорда дофаминни фаоллаштиради, ҳаттоки энг оддий чанқоқни сув билан қондириш учун қилинган уриниш ҳам. Аммо энг кўп дофамин тасодифий мукофот олиш эҳтимоли баланд бўлганда ажралиб чиқади.

Тасодифий мукофот кутилган ҳолатлардан бири — казинода автомат ўйнаш. Ўйинчи ушбу ўйинда такроран пул йўқотиб келса-да, “қайсидир уриниш унга ютуқ об келиши мумкин”, деган ўйлар билан ўйнашда давом этади. Лекин у айнан қайси уринишдан кейин бундай бўлишини билмайди. Одатда ўйинчилар бундай ўйинлардан жуда кўп пул ютқизишади. Бундай ўйинлар тасодифий мукофотдан ажралиб чиқадиган дофамин устига қурилган. Кўплар аслида катта пул ютмасалар-да, бундай ўйинларга тез кўникиб қоладилар.

Бугунги рақамлаштирилган жамиятда биз ўзимиз билмаган ҳолда, миямизни жуда ҳам кўп миқдорда дофамин моддаси билан озиқлантирмоқдамиз. Бизга юқори дофамин берадиган баъзи машғулотлардан бири: ижтимоий тармоқларда вақт кетказиш, видео ўйинлар ўйнаш, бўлмағур сайтларга кириш, ва ҳоказо.

Бу зарарлими?

Ушбу хатти-ҳаракатларнинг ҳар бири бизга қандайдир мукофот беради. Биз доимий равишда телефонларимизни текшириб унда матнли хабар ёки бошқа бир эълон кутамиз. Охир-оқибат биз бундай мукофот манбайини қўлга киритишимизни ҳам биламиз. Биз юқоридаги тажрибада намоён этилган каламушлар каби янги дофамин зарбасини олишга иштиёқ бўлиб қоламиз. Сиз “Нима бўпти? Бундай ҳаракатлар менга ҳеч қандай зарар келтираётгани йўқ”-деб ўйлашингиз мумкин. Афсуски, бу ундай эмас.

Бизнинг танамизда гомеостаз деб номланган бир мураккаб биологик тизим мавжуд. Ушбу тизимнинг вазифаси бу — бизнинг ичимизда содир бўлаётган жисмоний ва кимёвий жараёнларни мувозанатда ушлаб туриш. Ҳар сафар мувозанат бузилганда, бизнинг баданимиз унга мослашади. Ушбу ҳодисани оддий мисолда кўрамиз. Ташқарида совуқ ҳаво кузатилганида бизнинг танамиз ҳарорати пасаяди ва натижада биз ўзимизни иситиш учун титрай бошлаймиз. Аммо ташқарида иссиқ ҳаво кузатилганда бизнинг танамиз ҳарорати кўтарилади ва танамиз терлаш орқали ортиқча иссиқликдан халос бўлади.

Нима бўлишидан қатъий назар бизнинг танамиз 36 градус (С) атрофидаги тана ҳароратини мувозанатда ушлаб туради. Аммо гомеостаз ўзини намоён қиладиган бошқа бир усул ҳам мавжуд, бу – чидамлилик. Масалан умуман қаҳва ичмайдиган одамга қаҳванинг таъсири дарров билинади. Аммо доимий равишда қаҳва истеъмол қилиб юрадиган инсонларда кофеин моддасига маълум миқдорда бардошлик пайдо бўлади. Бошқача қилиб айтганда, уларда тетикланиш ҳосил бўлиши учун уларга кўпроқ қаҳва керак, чунки уларнинг таналари қаҳванинг таъсирига камроқ сезгир бўлиб қолдилар. Дофамин моддаси билан ҳам худди шундай ҳодиса юз беради. Сизнинг танангиз гомеостазни бир маромида ушлаб туришга ҳаракат қилади, шунинг учун у сизнинг дофамин рецепторларингизни пасайтиради.

Мия юқори даражада дофамин моддасини истеъмол қилишга ўрганиб қолса буни у янги нормал ҳолат деб қабул қила бошлайди. Сизнинг миянгизда Дофаминга бардошлик ривожланади. Бу инсон табиатида жуда катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, чунки сизни катта миқдорда дофаминни фаоллаштирмайдиган оддий кунлик машғулотлар қизиқтирмай қўяди. Сизда бундай машғулотларни бажариш учун хоҳиш бўлмай қолади. Улар жуда зерикарли ва беҳафсала бўлиб туюлади, чунки катта миқдорда дофамин моддасини фаоллаштириб юборадиган машғулотларга қараганда, улардан кўп роҳат ололмайсиз.

Шунинг учун ҳам аксарият инсонлар ўқиш ёки шахсий лойиҳа билан шуғулланиш ўрнига, кўпроқ видео ўйинлар ўйнашни ёки ижтимоий тармоқларда вақт кетказишни ўзларига маъқул кўрадилар. Уларда видео ўйинлар жиддий ишларга қараганда кўпроқ дофамин моддасини келтириб чиқаради. Айримларга ўқиш ёки ишлаш, интернетдаги ўйин кулгичалик роҳат бермайди. Видео ўйинлар ўйнашга ва ижтимоий тармоқларда вақт кетказишга кўниккан инсонлар, аслида баланд миқдорда дофамин олишга кўникиб қолганлар. Натижада бундай инсонлар ўзларини унчалик қизиқтирмайдиган оддий кундалик вазифаларни бажаришга қийналадилар.

Бу ҳодисанинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак?

Жавоб шуки, танамизни дофаминдан тозалаш (детоксикация) жараёнини бажаришимиз керак. Ҳафтанинг бир кунини алоҳида ажратиб, ўша куни ўта рағбатлантирувчи ва ўта завқ келтирувчи ишлардан четланишингиз керак. Бундай кунларда сиз миянгизни кўп миқдорда дофамин билан тўлдиришни тўхтатасиз ва дофамин рецепторларингизни тикланишига имкон берасиз. Бир кун давомида ўйин кулгини кескин камайтирасиз. Бундай кунда сиз интернетни ҳам, телефонни ҳам четга суриб қўясиз. Ёқтирган мусиқангизни тинглашни ёки носоғлом овқатланишни вақтинчалик тўхтатасиз.

Энг асосийси, бу кунда сизда кун бўйи содир бўладиган барча ташқи ҳаяжон манбайини қирқиб ташлаш даркор. Сиз зерикишни ўрганасиз ва менга ишонинг, бундай даврда зерикиш жуда кўп кузатилади. Аммо қуйидаги машғулотларни бемалол бажаришингиз мумкин: сайр қилиш, фикрларингиз билан ёлғиз қолиш ва бадантарбия билан шуғулланиш. Бундай кунда ҳаёлингизга келган ҳамма фикрларни ёзиб борасиз, аммо компьютерга эмас, оддий қоғозга.

Буларнинг бари жуда кескин кўриниши мумкин. Аммо агар сиз радикал натижаларга тезроқ эришишни истасангиз сиз радикал чораларни кўришга қодир бўлишингиз керак.

Бундай чоралар нима учун керак? Улар қандай ишлайди?

Оддий мисол келтирамиз. Айтайлик, сиз ҳар куни ўз таомингизни шаҳарнинг энг зўр ресторанларида тановул қиласиз. Натижада ўша лаззатли таомлар сизнинг танангизга одатий бўлиб қолади. Агар кимдир сизга пиширилган оқ гуручни таклиф қилса, сиз ҳойнаҳой уни рад этасиз. Гуручнинг мазаси сиз ҳар куни ресторанда истеъмол қиладиган таомингиз каби эмас. Аммо, фараз қилинг, агар сиз кимсасиз оролга тушиб қолсангиз ва оч қолиб кетсангиз, бирданига бу оддий гуруч косаси сизга жуда мазали туйилади. Дофамин детоксикацияси ҳам айнан шундай ишлайди.

Бу жараён сизга одатий завқлардан тийилишга ва ўз навбатида, олдин сизга зерикарли туюлган ишларни бажаришга ўргатади. Оддий қилиб айтганда, бу жараён сизни кимсасиз оролга тушириб қўйгандек зериктиради. Натижада олдин сизга зерикарли туюлган машғулотлар сизга ўта қизиқарли бўла бошлайди.

Агар сиз бундай радикал ҳаракатларни амалга оширишга ҳали тайёр бўлмасангиз ва бирданига ҳамма нарсадан ўзингизни тиёлмасангиз, кичикроқ дофамин детоксикациясини амалга оширишингиз мумкин. Сиз ҳафтанинг маълум бир кунини танлайсиз ва ўша куни дофаминни фаоллаштирадиган одатларнинг биридан бутунлай воз кечасиз. Сиз ушбу одатлардан бирини ташлашга уриниб кўришингиз мумкин: телефонни титкилаш, видео ўйинлар ўйнаш, телевизорни соатлаб кўриш, носоғлом овқатланиш, беҳаё видеоларни томоша қилиш, ва ҳоказо…Агар ҳафтада бир марта бу одатларни биридан четланишда муваффақиятга эришсангиз, ҳафтанинг кейингисида шу йўл билан бошқа бир одатни ташлашга уринасиз.

Бундай даврда сиз бошқа ишларни бажаришингиз ҳам мумкин, аммо сиз танлаган хатти-ҳаракатлар қатъий чегараланган. Албатта бундай жараёнда озгина зерикасиз ва асосий мақсад ҳам шу. Бундай усул билан сиз дофамин рецепторларингизни ғайритабиий даражада юқори бўлган дофамин моддасидан тозалаб ташлашга имкон берасиз. Ундан келиб чиқадиган зерикиш эса ўша куни сизни бошқа ишларни қилишга ундайди. Бу кунлар сиз одатда кейинга қолдирадиган ишларингизни бажаришингиз учун энг қулай фурсатдир, чунки зерикканингизда уларни бажариш осонроқ бўлади.

Албатта, бир кун ёки бир ҳафта вақт мобайнида юқори дофаминли хатти-ҳаракатлардан тийилиш яхшидир. Аммо идеал ҳолда сиз бундай хатти-ҳаракатлардан бутунлай воз кечишингиз керак ёки ҳеч бўлмаганда, иложи борича уларни камайтиришингиз керак.

Бизнинг асосий мақсадимиз, бизга фойдали бўлган машғулотларга дофамин моддаси ишлаб чиқилишини йўлга қўйишдир. Мен шуни англадимки, сиз ҳозир кўникиб қолган дофаминни фаоллаштирадиган хатти ҳаракатларингизни ўзингизга фойда берадиган ишларда рағбат учун ишга солишингиз мумкин. Бошқача қилиб айтганда, катта меҳнат талаб қиладиган ишларни бажарганингиз учун мукофот сифатида ўша юқори дофаминли машғулотлардан фойдаланишингиз мумкин.

Мен ушбу тамойилни ўзимда ҳам қўллайман. Мен бажаришим керак бўлган барча қийин ва кам дофамин чиқарадиган ишларни ўзимда кузатиб бораман. Мен учун бундай ишлар: уйимни тозалаш, пианино дарслари билан шуғулланиш, китоб ўқиш, бадантарбия, видеоларни яратиш ва ҳоказо… Бундай ишларни муайян миқдорда бажарганимдан сўнг, ўзимни дофамин фаоллиги юқори бўлган машғулотлар билан мукофотлайман.

Энг асосийси, бундай мукофотни зерикарли ишларни қилиб бўлгандан кейин олиш. Агар мен биринчи навбатда юқори дофаминли хатти-ҳаракатларга берилиб кетсам, у ҳолда, мен дофамин фаоллиги паст ишларни қилгим келмайди. Менда шунчаки уларни қилишга етарлича рағбат бўлмайди. Шунинг учун мен ҳар доим қийин ишларни бажаришдан бошлайман ва ундан кейингина завқ келтирувчи машғулотларни бажараман. Сизга ўзимнинг кундалик турмуш тарзимдан мисол келтираман: мен ҳар 1 соат бажарган қийин ишим учун ўзимни 15 минут кўнгилочар машғулот билан мукофотлайман. Кунига 8 соат қийин иш билан машғул бўлсам, 2 соат кўнгилочар тоифадаги фаолиятни бажараман. Албатта бу менинг шахсий кунги нисбатларим. Сиз бу тизимни ўзингиз учун мослаб олишингиз мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, агар сиз соғлиғингизга зарар келтирадиган одатларга кўникиб қолган бўлсангиз у ҳолда бу одатларни мукофот сифатида ишлатишингиз мақсадга мувофиқ эмас. Ўзингизга зарар келтирмайдиган бошқа мукофот манбайини топинг. У шундай машғулот бўлиши керакки, уни қўлга киритиш учун қийин ишларни бажариш арзийдиган бўлсин.

Агар сиз менинг завқ манбайим нима эканига қизиқаётган бўлсангиз, бу – интернет. Мен интернет дунёсига шўнғиб кетиб вақт қандай ўтиб кетганини ҳам билмай қоламан. Шунинг учун мен ўзимни бошқариш учун шундай тизим ўйлаб топганман. Бу йўл билан мен ўзим мубтало бўлган интернетга кўникиш одатимни даволайман. Аммо бир нарсани унутманг, мен шу тизим билан ҳам, дофамин таъсиридан бутунлай холос бўладиган кунларни ўзимга режалаштираман.

Хулоса

Мақолани охирида шуни хулоса қилиб айтмоқчиманки, қийин ишларни осонлаштириш ўзингизга боғлиқ. Аммо миянгиз доимо дофамин билан фаоллашса сизга оддий ишлардан завқ олиш қийин бўлиб қолади. Шунинг учун сиз дофамин моддасини фаоллаштирадиган ишлардан: телефон ва компьютерни беҳуда ишларга ишлатишни ва бошқа кўнгил хушликларни вақти-вақти билан чеклаб туришингиз даркор. Сизга шуни аниқ айтаманки, бу ҳаракатларингиз олган натижангизга лойиқдир. Агар сизда рағбатнинг камлиги билан муаммолар бўлса дофамин детоксикация жараёнини тезроқ бошлашингизни маслаҳат бераман.

Ўзингизни дофаминни фаоллаштирадиган ҳаракатлардан четлатинг, ёки ҳеч бўлмаганда бундай ҳаракатларни жиловлаб туринг. Шундагина ҳар кунги машғулотлар бизда янада қизиқиш уйғотади ва сиз уларни узоқ вақт давомида бажаришингиз мумкин. Биз ҳаммамиз қайсидир маънода дофаминнинг асиримиз. Бу эса бир тарафдан яхши нарса, чунки дофамин бизни мақсадларимизга эришишга ва ўз устимиздан ишлашга ундайди. Аммо дофамин манбайини қайси машғулотдан олиш бу ўзимизнинг танловимиз. Сиз ушбу моддани ўзингиз учун фойдали бўлмаган ишлардан олмоқчимисиз? Ёки ўзингизнинг узоқ муддатли мақсадларингизга хизмат қиладиган ҳаракатларданми? Танлов ўзингизга ҳавола.

Alimoff телеграм каналига уланишни унутманг https://t.me/nurbekalimov

Фойдаланилган манбалар:

Ушбу мақолани тайёрлашда Youtube тармоғидаги Better Than Yesterday каналининг маълумотлари олинди. Alimoff Team жамоаси аъзоси Зиёда Мирсаидова томонидан ўзбек тилига ўгирилди. Alimoff Team - ёшлар ёшлар учун.

0
20 комментариев
Написать комментарий...
uzb uz

1-marta bunaqa uzun maqolani to'liq o'qishim 

Ответить
Развернуть ветку
Bekzod Isroilov

Men ham)

Ответить
Развернуть ветку
Boburjon Mavlonov

O‘zbek tilida ham shunday ilmiy maqolalarning ko‘payishi meni xursand qildi. Rahmat!

Ответить
Развернуть ветку
Nikto Jqtrxn

Ажойиб макола булибди, узимам эринмай охиригача укиб чикдим оммалэ, ёзгангаям укигангаям рахмат!!!!

Ответить
Развернуть ветку
BegboyevBlog

To'liq o'qishga dofamin yetishmadi manga. Ko'z yugurtirib chiqdim. Lekin juda foydali maqola bo'libdi rahmat hammaga. Qisman qisman sal kopro chundim😁😉✊. 

Ответить
Развернуть ветку
Muhammad_uzbek

Mashnaqa maqolalarni oqlayman i duo qilaman.))
Menimcha, shunaqa maqola o'qib ham ko'p dofamin olsam kerak.

Ответить
Развернуть ветку
Amirkhan Abdullaev

Juda yaxshi foydali maqola ekan. Katta raxmat. Bu ham qandaydir motivatsiya beradi.Rostdan ham vaqtimizning ko'p qismi bekorchi narsalar bilan o'tib ketyapti. Men Yakshanba kunini Dofamindan xoli kun deb tanladim qani ko'raylikchi qo'ldan kelarmikan.

Ответить
Развернуть ветку
Simple

Rahmat Nurbek aka. Man uchun judayam foydali bo'ldi

Ответить
Развернуть ветку
Lyudvig Feyerbax

Zo‘r chiqipti Nurbek.) 

Ответить
Развернуть ветку
Lyudvig Feyerbax

Zo‘r chiqipti 

Ответить
Развернуть ветку
SHamsiddin Fayziyev

rahmat birad)) boringizga shukr))

Ответить
Развернуть ветку
Faxriddin Majidov

Men ham oqleman va duo qilaman. Aynan menga kerak ekan bu tajriba.

Ответить
Развернуть ветку
Rahmiddin Yuldashov

Man yozmoqchi edim bu maqolani

Ответить
Развернуть ветку
KHOJIAKBAR Khalimjanov

вапши маладес! (шуям дофаминни бир тури :) )

Ответить
Развернуть ветку
Мохир Мирзахмедов

Ro'za tutisham dofaminga kotta foydasi borligini bildim)))) alhamdulillah

Ответить
Развернуть ветку
Hikmatxo'ja

gap boplishi mumkinmas buni oqib ozim haqimda oqigande boldim oldin bilmaganakanman rahmat ee Nurbekaka bugundan shu ishlarni yolga qoymasammi 

Ответить
Развернуть ветку
Jahongirxon Axmedov

Fb.ga qattiq boğlanib qolgan edim. Aqlim buning notòğri ekanligini bilardi, lekin nafsim hakalak otib ketaverardi. 1 haftacha avval, maqolada aytilgan detoksikatsiya jarayonini boshlagan edim. Lekin tòğri qilyapmanmi yòqmi, ishonchim komil emasdi. Ushbu maqolani òqigandan keyin, òzimga nisbatan ilmiy asosga ega bòldim. Katta rahmat.

Ответить
Развернуть ветку
kekus fikus

Erta o'qiyman

Ответить
Развернуть ветку
_diyor_bek_

Bu maqola aynan men uchun ekan. Katta rahmat Nurbek Alimov

Ответить
Развернуть ветку
O'tkir Absalomov

Bro thanks

Ответить
Развернуть ветку
Читать все 20 комментариев
null