Барчамиз баъзида қайғуга ботиб қоламиз ва ўзимиз қозонган ғалабаларга шубҳа қиламиз. Келажакда бизни яхши кунлар кутаётганидан умидимизни узамиз. Бундай дамларда биз «депрессиядан азият чекаётган бўлсак керак,” деб тахмин қиламиз. Аммо вақт ўтиши билан ҳаммаси яхшиланади ва кайфиятимиз яна ўз маромига қайтади. Дунё бизга яна бир бор ўз ранг баранглиги билан кулиб боқади ва куч қувват бизга қайтади. Биз ўз ўзимизни депрессиядан қутқардик, бу эса мақтовга лойиқ, шундай эмасми? Бизнинг наздимизда бу «касал”дан жабрланганларнинг аксарияти тўшакда ётиб нолишдан ва антидепрессант ичишдан бошқа нарсага ярамайдиган дангасалардир. Бундан ташқари улар “шунчаки ўзларида ирода ва қатъият бўлмаган заиф одамлар бўлса керак,»-деб ўйлаймиз. “Депрессияни енгиш жуда осон, инсон ўз иродасини қўлга олса бас»…деб фикр юритамиз.
Аммо, аслини олганда, руҳий тушкунликнинг бундай турини енгиб ўтиш шунчалик осонми? Албатта йўқ. Ҳақиқат, ҳар доимгидек, биринчи қарашда кўринганига қараганда анча мураккаброқ.
Депрессия кўпчилик томонидан жиддий қабул қилинмайди ва эътиборга лойиқ ташхис сифатида қаралмайди. Ҳамма гап шундаки, бизнинг онгимиз учун бу сўз шунчаки ёмон кайфият билан боғлиқ бўлиб қолган. Кўпчиликнинг фикрига кўра: «агар кимдир хафа бўлса бу унинг масъулиятсизлиги учун баҳона бўла олмайди». Албатта, бу гаплар қайсидир маънода ростдир.
Аммо келинг, тушкунлик ҳақидаги ўзимиз ўйлаган назарияларимизни бир четга суриб турайлик-да, шу ўринда «депрессия ўзи нима” деган саволга жавоб олишга ҳаракат қиламиз. Америкадаги “ National Institute of Mental Health » массасининг таърифига кўра: Депрессия (асосий депрессив касаллик ёки клиник депрессия) кенг тарқалган ташхис бўлиб, жиддий тус олган кайфиятнинг бузилишидир. Бу ҳолат сизнинг ҳиссиётларингиз, фикрлаш қобилиятингиз, ухлаш, овқатланиш ёки ишлаш каби кундалик ҳаракатларингизга таъсир қиладиган ўзгаришларга олиб келади. Депрессия ташхисини қўйиш учун, ушбу аломатлар камида икки ҳафта давомида кузатилаётган бўлиши керак.
Яъни депрессиянинг оддий кайфият бузилиши ва вақтинчалик маҳзунликдан фарқи катта. Вақти-вақти билан хафа бўлиш инсон ҳаётининг бир қисмидир. Бундай ҳолларда, қайғу ҳисси тезда ўтиб кетади ва сиз кундалик ҳаётингизни аввалгидек давом эттирасиз. Депрессия дардига чалинган инсонлар эса кундалик вазифаларини тўлиқ бажара олмайдилар. Уларнинг турмуш тарзида жиддий ўзгаришлар юз беради. Шу ҳолат 2 ҳафтадан узоқ кузатилаётган бўлса, улар шифокор ташхиси учун мойил бўладилар. Вақт ўтган сари бемор ўзини ўзи қутқара олиш эҳтимоли жуда қийинлашади.
Депрессив бузилишларда қандай жараёнлар рўй беради?
Тиббиёт тарафидан қарайдиган бўлсак, депрессив спектрга кирадиган бузилишларнинг кўриниши ва турлари жуда ҳам кўпдир. Кўпинча клиник депрессия билан яқинларни йўқотгандан кейин пайдо бўладиган ғамликни, кайфиятсизликни ҳаётнинг мазмунини суриштиришдан ҳосил бўладиган руҳий безовталик (экзистенциал инқироз) билан адаштирилади. Бундай шикоятларнинг айримлари ўзи ўтиб кетадиган ҳолатдир, ва бошқалари умуман касаллик ҳисобланмайди. Бу ҳолатларнинг айримларига психологик ёрдам керак, аммо уларни клиник депрессия деб атаб бўлмайди. Чунки у ҳолларда беморлар оғир азият чекмайдилар ва маълум вақтдан кейин ўзлари яхшиланадилар.
Клиник турдаги депрессия касаллигини эса бир нечта характерли хусусиятлар билан ажратиб олиш мумкин. Ҳиссий даражада бемор депрессиянинг уч хусусиятини ўзида ҳис қилади: ўз ўзига бўлган ҳурматнинг ўта пастлиги, бошқа одамлар ҳақида хира фикрлаш ва келажакка катта умидсизлик билан боқиш. Бундан ташқари, бемор жисмоний жиҳатдан тўлиқ ҳолдан тояди ва ўзида ижобий ҳис-туйғуларни ҳис қилиш қобилиятини умуман йўқотади. Яъни хурсанд бўлиш ёки маълум фаолиятдан завқ олиш жараёни кескин даражада қийинлашади.
Муаммо шундаки, ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаган инсон депрессия билан оғриган беморнинг бошидан ўтаётган фожиани тушунмайди ва унинг оғир ҳолатини тасаввур ҳам қила олмайди.
Ҳозирда депрессия дунёда энг кенг тарқалган руҳий ташхислардан бири бўлиб, унга ҳар биримиз ҳаёт давомида тўқнашишимиз мумкин. Бундан келиб чиқиб, депрессия ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш ўзимиз ва атрофдагилар учун мақсадга мувофиқдир. Фурсат келганда ёрдамга муҳтож кимсага ёрдам қўлини вақтида чўза олишимиз жуда муҳим. Бу иллат шунчаки «заиф иродага эга бўлган янги ёшлар учун замонавий ташхис тури,» -деб ёндашиш жамиятда нотўғри стигмаларнинг ривожланишига олиб келади. Беморга ёрдам бериш ўрнига уни шарманда қилиш, ҳеч кимга фойда келтирмайди.
Депрессия тарихи ва унинг турлари
Тарихга назар соладиган бўлсак, депрессив ҳолатлар тиббиётга Гиппократ давридан буён маълум бўлган. ХХ асргача кўп жиҳатдан замонавий ташхисни эслатадиган — меланхолия атамаси тиббиётда кенг қўлланилиб келган. Меланхолиянинг биринчи илмий тадқиқотлари ХVI асрда пайдо бўлиб, кейинчалик ушбу касалликнинг яна бир муҳим хусусиятини кашф этилган. Меланхолия узоқ вақтлардан бери қиролларнинг касаллиги дея эътироф этилган. Нима учун дейсизми? Биринчи тадқиқотчилар ўзлари билмаган ҳолда касалликнинг ривожланиши учун туртки бўладиган баъзи психологик-социал омилларни аниқлаганлар. Ёлғизлик, барча асосий эҳтиёжларнинг қондирилганлиги, оғир диндорлик, кўнгилочар ҳаёт тарзи – буларнинг барчаси ўша даврда кенг кузатилган меланхолиянинг доимий ҳамроҳи эди. Қўполроқ қилиб айтганда, «агар сиз куни бўйи оилангизни боқиш ташвиши билан банд бўлмасангиз ва барча эҳтиёжларингиз қондирилган бўлса, у ҳолда, сиз абадийлик устида бош қотириб тушкунликка тушишга мойил бўласиз»- деб ўйлашган.
Аммо ҳозирги кунда шу аниқ бўлдики, депрессия касаллиги нафақат ривожланган давлатларнинг ичида, балки ривожланаётган ёки камбағал давлатларда яшайдиган фуқаролар орасида ҳам кузатилади. Бугун паст ва ўртача даромадли мамлакатларда ҳам депрессия касаллиги катта муаммо бўлиб, унинг тарқалиши юқори даромадли мамлакатлардан кескин фарқ қилмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё миқёсида турли ёшдаги 246 миллионга яқин одам депрессия билан касалланган.
Агар бу феноменнинг жиддийлигини ҳали ҳам шубҳа остига олаётган бўлсангиз, билингки, ушбу ташхис ҳаққонийлигини миянинг магнит-резонанс томографиясида аниқ кўриш мумкин. Бундай беморларнинг марказий асаб тизимида нейронлар орасида узатиладиган сигнал билан боғлиқ аниқ муаммолар кузатилади.
Ўзимда бундай муаммолар йўқмикан деб қизиқаётган бўлсангиз, энг оддий ва энг машҳур депрессияни аниқловчи ушбу сўровномадан ўтишингиз мумкин. Ушбу касалликнинг бошланғич босқичида шифокор кўригидан ўтиш кўпроқ самара беради ва ҳолатингиз бундан-да кескинлашиб кетишининг олдини олади. Ахир бу касаллик нафақат шахсий мартаба ва профессионал фаолиятни балки, ҳаётингизни ҳам гаровга қўйишга қодир. Афсуски, депрессиянинг ўта оғир кўриниши билан оғриган беморлар кўпинча ўз жонларига қасд қилиш билан якунлайдилар.
Депрессиянинг турлари
Шифокорлар депрессия ташхисини биринчи навбатда касалликнинг аломатлари (симптомлари)га қараб қўйишади. Бундай симптомларга олиб келадиган сабаблар турли-хил бўлиши мумкин. Шунинг учун бу касалликнинг таснифи бир-биридан кескин фарқ қилади. Депрессиянинг ўнлаб турлари мавжуд. Энг кенг тарқалганлари- асосий депрессив бузилиш, соматоген ва формакоген турлари.
Ушбу касалликни яхши тушуниб олишимиз учун, энг осон ва энг оддий бўлган — формакоген тури билан танишамиз. Яъни бунда тушкунлик маълум бир кимёвий модда ёки дорини истеъмол қилгандан кейин кузатилади. Мисол учун Паркинсон касаллигида қўлланиладиган машҳур леводопа ёки холестерин миқдорини пасайтириш учун ишлатиладиган статин дориларида ушбу ҳолатни кузатишингиз мумкин. Депрессиянинг ушбу кўринишининг ечими нисбатан осонроқ. Бемор дори истеъмолини тўхтатгач одатда бу ҳолат ўзи ўтиб кетади.
Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки спиртли ичимликлар нафақат жигар учун балки, асаб тизими учун ҳам зарардир. Спиртли ичимликлар нафақат депрессияни қўзғатиши мумкин, балки бу руҳий ҳолатни янада кучайтириб юборади. Шуниси қизиқки, баъзи беморлар ўз аҳволларини енгиллаштириш учун спиртли ичимликлардан фойдаланадилар ва натижада дардларини янаям оғирлаштирадилар.
Биз кўриб чиқадиган депрессиянинг кейинги тури – соматоген. У ҳам асаб тизимининг бузилиши билан бевосита боғлиқ эмас ва депрессиянинг бундай кўриниши бошқа органда муаммо бўлганда учрайди. Одатда бу турнинг энг кенг тарқалган кўриниши гипотериоз, яъни қалқонсимон без функциясининг етишмаслигидан бўлади.
Агар қалқонсимон бези етишмовчилигига чалинган одам ўзини даволатиш ўрнига «шахсий ривожланиш ва ҳаётдан завқ олиш» тренингларига қатнайдиган бўлса, эртага унинг руҳий соғлиғи қаттиқ зиён кўриши эҳтимоли баланд.
Кўп ҳолларда депрессияни доимий бош оғриғи билан таққослаш мумкин. Яъни бу ҳолатнинг оғирлиги бизга кундек равшан, аммо, у мустақил равишда кузатилиши ҳам мумкин ва бошқа касалликларнинг симптоми сифатида юзага чиқаётган бўлиши ҳам мумкин. Депрессияни чақирадиган бундай касалликларнинг ўнлаб тури мавжуд.
Айрим ҳолларда сиз шифокорга ёмон кайфиятингиздан шикоят қилиб борасиз, аммо шифокор сиздан диабет, юрак касаллиги, шизофрения ёки травматик мия шикастланиши касалликларига ўхшаш ҳолатларни топиши мумкин.
Аммо депрессиянинг клиник жиҳатдан эн кўп гапириладиган ва ер юзида энг кўп тарқалган тури — асосий депрессив бузилишдир (Major Depressive Disorder). Психиатрлар ва тадқиқотчилар бир вақтлар депрессияни Лотин тилидан олинган эндоген («ичкаридан” деган маънони англатади) ва психоген/эксоген (“ташқаридан» деган маънони англатади) атамаларини ишлатиб таснифлаганлар. Ушбу номлар кимнингдир депрессияси ички сабаблардан (масалан, генетика) ёки ташқи сабаблардан (стрессли ёки жароҳатли воқеа) туфайли келиб чиққанлигини аниқлаш учун мўлжалланган эди.
Аввалги эътиқодга кўра депрессиянинг ички ёки ташқи турини ажратиш унга қўлланиши керак бўлган муолажани ажратиш учун керак эди. Аммо ҳозирги илмий ҳамжамиятнинг фикрига кўра, депрессиянинг эндоген ёки экзоген туридан қатъий назар уларни даволаш босқичлари ва муолажалари бир хил.
Аммо биз асосий депрессив бузилишнинг клиник сабабларини кўпроқ тушуниш учун, уни ички ва ташқи омилларини қайд этган ҳолда кўриб чиқамиз.
Психоген/экзоген депрессия асаб тизимига таъсир қилувчи ташқи омиллар таъсири остида пайдо бўлади деб қаралган. Бу омиллар якка ёки такрорий бўлиши мумкин. Бундай ташқи омилга истаган ҳодисангизни киритишингиз мумкин. Масалан, бошқа юртга кўчиш, қариндошлар билан узоқ давом этадиган можаро, ишдаги муваффақиятсизликлар, жамият меъёрларини қабул қила олмаслик ва чексиз бошқа сабаблар.
Психоген депрессия сизнинг миянгизга қилиши мумкин бўлган энг ёмон ҳазилларидан бири – атрофингизда ҳеч ким сизга ёрдам беришни истамайди деган қатъий ишонч. Яъни, касалликнинг ўзи сизни уни даволашдан тўсади. Бундай тузоққа илинманг. Ҳар доим сизга ёрдам беришни истайдиган одамлар топилади, ҳеч бўлмаганда психотерапевт ва пихологлар бунга тайёр бўлишади.
Эндоген депрессия эса хавфли бўлиб у ҳеч қандай сабабсиз ва ташқи омилларсиз тўсатдан пайдо бўлиши мумкин. Унинг пайдо бўлиш сабаблари ҳали тўла аниқ эмас. Олимлар уни марказий асаб тизимининг ўзига хос тузилишига алоқадор деб тахмин қиладилар. Бир илмий тахминга кўра, муаммо- серотонин нейротрансмиттер моддасининг биологик етишмовчилигда. Ёки бу модда мияда кам ишлаб чиқарилади, ёки беморнинг организмида унинг сўрилиши учун рецепторлар кам. Аммо бугунги кунда бу назариянинг ҳали ҳеч қандай илмий исботи йўқ.
Гап шундаки, бу назария нима учун серотонин миқдори кам бўлган барча одамларда депрессия кузатилмаслигини тушунтириб бера олмайди. Бундан ташқари, агар бу ҳақиқат бўлганида, антидепрессантлар ҳозирда анча самаралироқ бўлиши керак эди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, ирсият катта хавф омилларидан бири ҳисобланади. Агар сизнинг қариндошларингизда ушбу руҳий тушкунликнинг тури кузатилган бўлса, сиз ҳам бундай ҳужумга дучор бўлишингиз мумкин.
Беморларда қандай ўзгаришлар кузатилади?
Асосий депрессив бузилишдан азият чекадиган беморлар иш фаолиятга эътибор бериш қобилиятини йўқотадилар ва интеллектуал топшириқларни ёмонроқ бажарадилар. Улар доим хавотир оладилар ва ташвишда бўладилар. Уларни ўзларининг ва қариндошларининг фаровонлиги қизиқтирмайди. Улар ўзларини самарасиз деб ўйлайдилар ва уларда тўсиқларни енгиб ўтиш учун рағбат бўлмайди. Афсуски бундай беморлар ҳамма муаммоларнинг ечими ўз жонига қасд қилишга уринишда деб ўйлашни бошлайдилар. Кўпинча бундай истак онгсиз интилиш бўлиб, бемор ўзига эътибор жалб қилишга уринади. Аммо бундай интилиш у ёрдамга муҳтож эмаслигини англатмайди.
Албатта, асосий клиник депрессияда жинсий-психологик омилларни ҳам рад этиб бўлмайди. Бу ерда қизиқарли жинсий тафовутлар мавжуд: аёллар руҳий тушкунликлардан эркакларга қараганда икки баравар кўпроқ азият чекишади. Нега бундай бўлишига ҳозирда аниқ жавоб йўқ. Аёллар биологик жиҳатдан ушбу дардга кўпроқ мойилдирлар. Ундан ташқари кўп мамлакатларда аёлларга бўлган маданий муносабатлар ҳам катта роль ўйнайди.
Ташхис статистикаси
Кенг тарқалган тахминларга кўра дунёда беморлар сонининг кундан кунга кўпайиб бораётгани аслида касалликнинг ўзи кўпаётганидан эмас, балки одамлар ўзларининг руҳий соғлиқларига кўпроқ эътибор беришни бошлаганлари билан боғлиқ.
Албатта бундай тахминга маълум асослар бордир. Сиз АҚШ каби ривожланган мамлакатларда депрессия касали жуда кенг тарқалганлигини эшитгансиз. 2017 йилги статистика ва математик тахминларга биноан, АҚШДА 4.1% фоиз аҳолида ушбу руҳий ҳолат кузатилган. Умумжаҳон тахминларга кўра ер юзининг 6% аҳолисида ушбу ҳолат кузатилади.
Нега АҚШ каби ривожланган давлатларда ушбу ташхис Россияга қараганда кўпроқ деган савол туғилади. Бундан келиб чиқдики, америкаликлар русларга қараганда кўпроқ тушкунликка берилганми?
Албатта йўқ. Ушбу статистика айрим давлатларда ташхис қўйиш жараёни кенг кўламда йўлга қўйилганини кўрсатади. Бундай давлатларда ташхис жараёни тиббиётдан кўра қонуний аҳамиятга эга. Агар бирор киши касаллик аломатларига эга бўлиб, унга ташхис қўйилиши мумкин бўлса, психиатр қонун бўйича унга ташхис қўйиши шарт. Акс ҳолда шифокор ўз фаолиятида жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Кўп ҳолларда ташхис қўйилиб, маълум бир дори (антидепрессантлар) буюрилади. Аммо бундай тизимнинг ҳам ўз камчиликлари мавжуд.
Антидепрессантлар ҳақида
Антидепрессантлар ўзига хос кимёвий бирикмага эга бўлиб, улар мустақил равишда сизнинг кайфиятингизни кўтара олмайди. Бундай дориларнинг самараси дарднинг оғирлигига боғлиқ. Агар соғлом одам антидепрессантларни қабул қилишни бошласа, у кўнгил айниш ва баъзи ҳолларда очлик ҳиси камайганини сезиши мумкин. Аммо ҳис-туйғу фонида ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо парадоксал бир қоидага кўра, сизнинг депрессиянгиз қанчалик оғир бўлса унга буюрилган дори-дармонлар шунчалик ўз самарасини беради.
Антидепрессантлар қандай таъсир қилади?
Бундай гуруҳ дориларнинг барчаси миямиздаги серотонин, дофамин ва норепинефрин нейротрансмиттерларига у ёки бу даражада таъсир қилади. Анти-депрессантларнинг 35-дан ортиқ кимёвий гуруҳлари мавжуд. Ушбу нейротрансмиттерларнинг етишмаслиги депрессиянинг асосий биологик сабабларидан ҳисобланади.
Ундан ташқари антидепрессантлар ёки тинчлантирувчи, ёки ҳаяжонлантирувчи таъсирга эга бўлишлари мумкин. Улар уйқу ва овқатланиш тизимини тартибга солган ҳолда, кимёвий жиҳатдан турли хил жараёнлар билан миямизга таъсир қилади. Бундай дорилар қўлланилишининг ижобий ва ўзига хос салбий жиҳатлари ҳам бор.
Ҳар бир кишининг жисмоний ва руҳий ҳолати ўзига хос равишда индивидуал бўлгани учун, тўғри даволаниш схемасини топиш ва уни қўллаш бир неча ойларга чўзилиб кетиши мумкин. Психиатр ёрдамисиз тўғри дармон танлаб бўлмайди. Бундан ташқари, бундай дориларнинг таъсири дарҳол билинмайди. Биринчи ой давомида бемор ҳеч қандай ўзгариш сезмаслиги мумкин, ёки ундан ҳам ёмони, фақат ножўя таъсирларини сезиши мумкин.
Шунинг учун ҳам клиник депрессия ҳолатида шифокорга мурожаат қилмасдан, бу дарддан мустақил қутила олмайсиз. Афсуски бизнинг ўлкаларда психиатр касбига бўлган ўзига хос жирканиш мавжуд. Бу бизнинг Совет Иттифоқи давридаги тарихимизга боғлиқ. Бизнинг миямизга у даврлардаги психо-нейро-диспансерлар ичкиликка берилган ёки гиёҳвандларга ёрдам берадиган, «жиннихона» деган таассурот ўрнашиб қолган. Бундай жойдан ташхис олиш одамни бутун умр балога гирифтор қилувчи «справка» олиш билан бирдек гап бўлган. Бундай мутахассисларга одамлар мурожаат қилишдан қўрқиши – асосий муаммолардан биридир.
Аммо замонавий дунё бу борада бизга янги имкониятлар яратиб берди. Хусусий психиатрлар ушбу дардни самарали даволаш учун махсус билимга эгалар. Улар тўғри дори-дармон буюриб ташхисингизни бошқалардан сир сақлай оладилар.
Даволаш қандай кўринишда бўлади?
Хўш, бу ҳолатнинг терапияси ҳақида гаплашадиган бўлсак, бу ерда фақат таблеткалар билан даволаниб бўлмайди. Бу дарднинг давоси дорилар ва психо-терапия бирикмаси билан бирга қилинади. Айрим одамлар психология йўналиши тўғрисида нотўғри хулосага эга бўладилар. Улар «психология илм-фан доирасига кирмайди» -деб ўйлашади. Аммо депрессияни даволашга бағишланган тадқиқотларга назар солсак, охирги математик таҳлиллар шуни кўрсатадики, психо-терапиянинг самарадорлиги жуда катта. Айниқса когнитив феъл атворни ўзгартиришга қаратилган терапия катта натижа кўрсатади.
Психо-терапиянинг ўнлаб кўриниши ва бундай муолажаларнинг юзлаб усуллари мавжуд. Баъзилари қайсидир ҳолатларда кўпроқ ёрдам беради, баъзилари эса камроқ. Баъзи усуллар илмий жиҳатдан яхшироқ асослаб берилган, баъзилари эса йўқ. Аммо когнитив феъл атворни ўзгартиришга қаратилган терапиянинг самарадорлиги психотерапияда энг кўп исботлангандир. Унинг ёрдами билан асосий клиник депрессиянинг енгил турларини даволаш мумкин. Оғир турларида эса бундай муолажадан фойдаланиш даволашдан эришилган ютуқларнинг узоқроқ муддат давомида чўзилишига олиб келади. Яъни агар сизга клиник депрессия ташхиси қўйилса-ю сиз фақат дори ичиб яхши бўлган бўлсангиз, бундай депрессиянинг қайтиб келиши эҳтимоли катта.
Депрессиядан даволаш курсини тўрт босқичга бўлиб чиқиш мумкин.
Биринчи босқичда психотерапевт сизга депрессия муаммосининг келиб чиқишини тушунтиради. У сизга миянгизда қандай жараёнлар содир бўлаётганини, ушбу даволаниш муолажаларидан нимани кутишингиз кераклигини тушунтиради. Бу босқич бошланғич танишув деб аталади. Унинг вазифаси бемор даволаниши учун тўғри кайфият ҳосил қилишдир.
Иккинчи босқич депрессиянинг шафқатсиз циклини узишга қаратилган. Гап шундаки, ушбу касалликда бемор ўта бефарқликни ҳис қилади ва кундалик ишларни бажаришга унга энергия етишмайди. Яъни бундай одам том маънода ўзи билан ҳеч нима қила олмайди. Шунинг учун бундай беморларда бажарилмаган вазифалар ва адо этилмаган ваъдалар тўпланиб қолади. Улардан пайдо бўлган тушкунлик беморга қўшимча юк бўлади. Бундай одам деярли барча вақтини ёқимсиз ҳис-туйғуларни бошдан кечиришга сарфлайди.
Ушбу чексиз айланадиган чархпалакдан беморни олиб чиқиш учун шифокор мунтазам равишда бажарилиши керак бўлган кундалик ишлар рўйхатини тузади. Бу босқичда рағбат ёки ғайрат масаласи четга сурилиб туради. Яъни бемор буни истайдими ёки йўқ, бу ишларни барибир бажариши шарт. Ушбу ишлар беморда депрессив занжир реакциясини тўхтатиб, ўз-ўзига бўлган ҳурматнинг қайтиб келишига ёрдам беради.
Учинчи босқичда фикрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш жараёни бошланади. Депрессияда инсон ҳаётнинг фақат салбий томонларини кўра бошлайди ва ижобий томонларни умуман унутади. Психотерапевтнинг вазифаси ушбу дисбалансни тўғрилашдир.
Ва ниҳоят охирги босқичда шифокор беморнинг ўзи ҳақидаги чуқур салбий фикрлари устида ишлайди. Бундай эътиқодлар болалик даврида шаклланган фундамент бўлиб, инсон дунёқарашига таъсир қиладиган илк пойдевордир. Бундай эътиқодларга қуйидаги ғоялар киради: «мен омадсизман”, «мен муваффақиятсизликка учрашим тайин», “мендай одам бутун умр ёлғизликка гирифтор бўлиши керак».
Албатта бу босқичлар мураккаб даволаниш жараёнининг жуда содда ва қўпол шаклда келтирилган тавсифи. Аммо, ҳеч бўлмаганда сиз даволаниш жараёни қандай кўринишга эгалигидан хабардор бўлдингиз.
Афсуски, охирги ёмон хабаримиз шундан иборатки, асосий депрессив бузилишнинг аксариятини даволаш жараёни камида бир йилга чўзилади. Депрессиянинг эндоген туридан эса бутунлай қутулишнинг ҳозирда иложи йўқ. Чунки унинг ортидаги механизмлар ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Аммо анти-депрессантлар ва психологик терапия орқали бундай депрессияни бошқариш осон бўладиган ремиссия босқичига олиб чиқиш мумкин.
Бу дарднинг профилактикаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, қуёшли об-ҳавода кўпроқ сайр қилинг ва фаол турмуш тарзини олиб боринг. Яқинларингиз билан кучли ижтимоий алоқаларни ўрнатинг. Меҳнат фаолияти ва дам олиш орасида мувозанатни сақланг. Буларнинг ҳаммаси оддий маслаҳатлар. Аммо айнан шу оддий одатлар қора депрессиянинг тубига тушиб кетмасликка ёрдам беради.
Сўзимизнинг охирида сизга кучли руҳий саломатликни ва ушбу дард билан ҳеч қачон учрашмасликни тилаб қоламиз.
Alimoff телеграм каналига уланишни унутманг https://t.me/nurbekalimov
Фойдаланилган манбалар:
Ушбу мақолани тайёрлаш учун, Youtube тармоғидаги GEO каналининг маълумотлари олинди. Alimoff Team жамоаси аъзоси Зиёда Мирсаидова томонидан ўзбек тилига ўгирилди. Alimoff Team - ёшлар ёшлар учун.
to'g'risi ancha ma'lumot oldim, rahmat